Starbucks қаҳвахоналар тармоғи АҚШда 900 нафар ходимини ишдан бўшатиши ва ой охиригача Шимолий Америкадаги 400 га яқин дўконини ёпишини эълон қилди. Компания Европада ҳам айрим қаҳвахоналарини ёпмоқчи. Қисқартиришлардан мақсад – харажатларни камайтириш.
Бундан ташқари, раҳбарият бу ўзгаришлар орқали савдо нуқталарида мижозларнинг кутиб қолиш вақти камайиши ва даромадли жойларда савдо ҳажми ошишини айтмоқда.
Starbucks шу йил феврал ойида ҳам сотувлари пасайиб бораётгани учун АҚШда 1100 та иш ўрнини қисқартираётгани, менюни эса мақбуллаштираётганини эълон қилганди. Шу тариқа, компания бир йил ичида ўз мамлакатида 2 мингта иш ўрнидан воз кечишга мажбур бўлмоқда.
Компания бош директори Брайан Никколнинг сўзларига кўра, навбатдаги қисқартириш доирасида Британия, Швейцария ва Австриядаги айрим қаҳвахоналар ҳам ёпилади. Шу билан бирга, жорий молия йилида Британияда 80 та, Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйлаб эса жами 150 та янги дўкон очиш режасидан воз кечилмаган.
Молиявий натижаларнинг салбийлиги фонида, йил бошидан бери Starbucks акциялари 8 фоизга арзонлашди.
TD Cowen таҳлилчиларининг қайд этишича, АҚШда оммалашиб бораётган формат – автомобилдан тушмаган ҳолда қаҳва харид қилиш имконини берувчи кофешоплар Starbucks'га жиддий рақобатчига айланган.
Ўтказилган сўровларда мижозларнинг 70 фоиздан ортиғи нархлар баландлиги учун Starbucks қаҳвахоналарига боришни камайтираётганини айтган.