Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

ССВнинг коронавирус бўйича расмий статистикаси ёлғон бўлиши мумкин. Вазирлик «позиция»сини ўзгартирди

ССВнинг коронавирус бўйича расмий статистикаси ёлғон бўлиши мумкин. Вазирлик «позиция»сини ўзгартирди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни мамлакатдаги коронавирусга чалиниш, тузалиш ва ўлим ҳолатлари ҳақидаги кунлик статистикани одатдагидек жадвал шаклида тақдим этмади. Бу ҳақда Кун нашри ёзмоқда.

Жамоатчиликка берилаётган маълумотлардаги бундай қисқартириш вазирлик статистикасида хатолар борлигига ишора қилувчи танқидий мақоладан кейин рўй берди.

Бундан ташқари, фаол жамоатчилик томонидан юритилаётган ўлим статистикаси вазирлик статистикасидан тобора фарқ қила бошлаши фонида, ССВ вафот этганларнинг исм-фамилияси бош ҳарфлари, жинси, ёши, қаерда яшагани ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни ҳам тўхтатди.

22 сентябрь куни Daryo.uz эълон қилган мақолада ёзилишича, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган юздан ортиқ беморлар касаллик қайд этилганидан бор-йўғи 2–3 кун ўтиб «соғайиб чиқа бошлаган».

«Ҳозирча вилоят ССБ эришган ютуқлари бўйича бонг ургани йўқ, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳар кунлик ҳисоботларини таққослаган ҳолда Тошкент вилоятида беморлар жуда ҳам тез даволанаётганини кузатиш мумкин», – деб ёзади нашр.

Маълум бўлишича, расмий статистикага асосланган ҳисоб-китоблардан қуйидаги хулоса келиб чиқади: Тошкент вилоятида 14 сентябрь соат 23:30гача гўё 11 сентябрь ва ундан олдин касалликка чалинганларнинг барчаси тузалган ҳамда 12 сентябрь куни COVID-19 қайд этилганларнинг камида 29 нафари орадан 2 кун ўтиб соғайган.

Ёки бўлмаса, расмий статистикага ишонилса, вилоятда 10 сентябрда коронавирусга чалинганлардан 130дан ортиғи 2 кун ичида тузалган бўлиб чиқяпти.

Тошкент вилоятида беморлар нафақат 2 кунда, балки 3 кунда соғайгани бўйича ҳам камида 2та мисол бор.

«Беморларнинг 2–3 кунда даволаниш тенденцияси август ўрталаридан буён давом этмоқда. Бир ой ичидаги исталган 4 кунни олиб, ўзингиз ҳам таққослаб, бунга амин бўлишингиз мумкин», – дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти статистикасида келтирилган рақамларни солиштирганда, кимдир касалланганлар ва соғайганлар ўртасидаги «балансни сақлаш» учун рақамларни «чизиб ўтиргандек» тасаввур уйғонади.

Маълумот учун айтиш жоиз, айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага прокуратура қўяётган айблардан бири ҳам айнан шу мавзуга тааллуқли. Ҳозир ҳибсда сақланаётган вилоятнинг бош инфекционисти коронавирусга чалинган Ф.Рустамов исмли бемор номига юритилган касаллик тарихида у COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалгани ҳақида сохта маълумот киритганликда айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 28 августдаги йиғилишда ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга уринганларга жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чоралар кўрилиши мумкинлигини айтиб, раҳбарларни огоҳлантирган эди.

22 сентябрь кунги расмий статистика

ССВ ахборотига кўра, 22 сентябрь куни Ўзбекистонда 598 кишида COVID-19 аниқланиб, 618 киши соғайгани тасдиқланган.

Расмий статистикада жами ҳолатлар 52 857 та, тузалганлар 49 224 нафар, қурбонлар 433 нафарни ташкил этмоқда.

Янги қайд этилган 598та ҳолатнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти қуйидагича (Наманган вилоятида яна юзга яқин ҳолат аниқланган):

  • Тошкент шаҳрида – 297 нафар
  • Тошкент вилоятида – 129 нафар
  • Наманган вилоятида – 98 нафар
  • Андижон вилоятида – 16 нафар
  • Жиззах вилоятида – 12 нафар
  • Сурхондарё вилоятида – 11 нафар
  • Қашқадарё вилоятида – 10 нафар
  • Қорақалпоғистон Республикасида – 9 нафар
  • Самарқанд вилоятида – 9 нафар
  • Хоразм вилоятида – 7 нафар

Соғайиш кўрсаткичи 93 фоиз экани (52 857 бемордан 49 224 нафари) айтилмоқда:

  • Тошкент шаҳрида – 323 нафар
  • Тошкент вилоятида – 131 нафар
  • Наманган вилоятида – 84 нафар
  • Самарқанд вилоятида – 25 нафар
  • Андижон вилоятида – 16 нафар
  • Хоразм вилоятида – 12 нафар
  • Жиззах вилоятида – 11 нафар
  • Қашқадарё вилоятида – 8 нафар
  • Сурхондарё вилоятида – 5 нафар
  • Қорақалпоғистон Республикасида – 3 нафар

ССВнинг кунлик якуний ҳисоботида 22 сентябрда неча киши вафот этгани ҳақидаги маълумот йўқ. Эрталаб ва оқшомга яқин берилган маълумотларда 4 киши вафот этгани билдирилди, аммо уларнинг жинси, неча ёшда бўлгани, қаерда яшаб, қаерда даволангани ҳақида ахборот йўқ.

Тўрт кишидан бири аёл, иккинчиси эркак экани маълум холос.

«Ҳозирда мамлакатимизда 3 191 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда», – дейилади расмий хабарда.

Бунгача бериб келинган ахборотларда тушунарсиз равишда даволанаётганларнинг барчаси шифохонада экани айтиб келинаётганди.

Оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморлар сонига ҳам аниқлик киритилмади.

Умуман, Ўзбекистон шифохоналарида ҳозир неча киши COVID-19'дан даволанаётгани Ўзбекистон аҳолисига маълум эмас.

Киритилди: 08:23 23.09.2020. Ўқилди: 4256 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!