Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Туркия Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шуайиб Биринджи билан видеомулоқот ўтказди.
Қайд этилганидек, Туркия тиббиёти дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айниқса, юқори технологик операциялар, шошилинч тиббий ёрдам, тиббий суғурта, рақамли тиббиёт ва кластер тизими каби қатор йўналишларда ушбу қардош мамлакатдан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.
Қолаверса, бу ерда аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 78,6 ёшга тенг бўлиб, бу дунёдаги юқори кўрсаткичлардан биридир.
Туркия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари билан видеомулоқотда тиббиёт соҳаси бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, мамлакатимизда тиббиётни рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш мақсад қилинган. Тизимда электрон хизматлар қамрови ошиши эса аҳолига қўшимча қулайликлар яратади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда халқаро тажриба асосида давлат тиббий суғуртаси тизимини босқичма-босқич жорий этишга киришилган. Биринчи босқич синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалга ошириляпти.
2023 йилдан бошлаб, бу механизм Тошкент шаҳрида ҳам йўлга қўйлади. Шунингдек, янги тизим Навоий вилоятида татбиқ этилиши режалаштирилган.
Ана шу ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида Туркиядан энг тажрибали мутахассисларни мамлакатимизга жалб қилиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, тиббиёт кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимига илғор ўқитиш методикаларини татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида Туркия Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ш. Биринджи юқорида келтирилган йўналишларда Ўзбекистон билан ўз тажрибаларини алмашишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Томонлар келишувига мувофиқ, яқин кунларда туркиялик етакчи мутахассислар мамлакатимизга ташриф буюради. Улар юртимизда соҳани рақамлаштириш, тиббий суғурта тизимини кенг жорий этиш, тиббиёт кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш жараёнига яқиндан кўмаклашади.