Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди “Нур” маҳалла фуқаролар йиғини биносида, очиқ сайёр суд мажлисида, туман судининг раиси М.Каюмовнинг раислигида фирибгарлик жиноятини содир этган Р.М.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Воқеа қуйидагича содир бўлган. Р.М хавфли рецидивист бўла туриб, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2019 йил 14 август кунидаги ҳукми билан судланган жиноий шериклари Мирзо Улуғбек туман ЭТК электромонтёрлари Х.С. ва М.М. билан олдиндан тил бириктириб,2019 йил 13 февраль куни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Е.М яшаб келаётган Мирзо Улуғбек тумани Оққўрғон кўчаси, 21-уй, 53-хонадонга боришиб, ўзларини Мирзо Улуғбек туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари деб таништириб, хонадон ошхонасидан электр ҳисобга олиш приборидан ташқари бир дона қўшимча резетка топишиб, уни алдаб 500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини олишиб, олинган пул маблағларини ўзаро тенг тақсимлаб ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.
Суд Р.М. нинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга ойлик иш ҳақининг 15 (ўн беш) фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаб, Жиноят Кодексининг 60,61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг 2018 йил 10 декабрдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Мухаммад Каюмов,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси