Сурия янги ҳукуматининг хавфсизлик кучлари генерал Муҳаммад Канжо Ҳасанни қўлга туширди. Бу ҳақда Германиянинг BILD нашри хабар бермоқда.
Маҳкумлар қийноққа солиниб, оммавий қатл этилиши билан танилган машъум Саид Найо қамоқхонасида кўплаб ўлим ҳукмлари бевосита генерал Муҳаммад Канжо Ҳасан томонидан чиқарилгани айтилмоқда.
Муҳаммад Канжо Ҳасанни қўлга тушириш амалиёти давомида 17 киши ҳалок бўлган, шундан 3 нафари собиқ тузум ва 14 нафари янги ҳукумат одамлари бўлган.
Президент Башар Асад даврида генерал Ҳасан Сурия мудофаа вазирлигига бўйсунувчи ҳарбий суд тизими директори лавозимида ишлаган. Таъкидланишича, хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳкумларнинг оила аъзоларидан пул ундириб, катта бойлик тўплаган.