Жорий йилнинг 16 апрелидан бошлаб Наманган вилоятида мол-мулк ва ер солиқлари бўйича умумий суммаси 1 млн сўмдан ошган қарздорликни ундириш учун эксперимент тариқасида электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланиш жорий этилади.
Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда электр учун балансда пул бўлса ҳам электр ўчирилади деган мазмунда талқин қилиниб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Солиқ қўмитаси вазият юзасидан тушунтириш бериб, чекловлар қай тарзда белгиланиши ва кимларга қўлланилмаслигини маълум қилди.
Таъкидланишича, солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслар бир неча босқичда огоҳлантирилгандан кейин ҳам қарздорликни тўламаган тақдирда электр энергияси ўчирилмайди, балки электр учун тўловларни амалга оширишга вақтинчалик чеклов киритилади.
Чеклов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги тоифаларига қўлланилмайди:
• ногиронлиги бўлган шахслар (1 ва 2-гуруҳ);
• боқувчисини йўқотган оилалар;
• ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар;
• қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар.
Қайд этилишича, Наманган вилоятида бугунги кунда 1 млн сўмдан юқори қарздорлиги мавжуд жисмоний шахслар сони 45,8 минг нафарни ташкил этади. Бу эса жами 531,2 минг нафар солиқ тўловчининг 8 фоизидир.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тизим дастлаб жорий йилнинг 16 апрелдан эксперимент тариқасида Наманган вилоятида йўлга қўйилади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, эксперимент натижаларидан келиб чиқиб мазкур тажрибани бошқа ҳудудларда жорий этиш ёки этмаслик юзасидан 2026 йил 1-октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади. Яъни, электр энергиясининг биллинг тизими механизми тўғридан тўғри барча ҳудудларда жорий этилмайди.