АҚШ президенти Дональд Трамп эронлик сиёсатчи Али Лорижонийнинг ўлими ҳақида фикр билдирди.
«Аслида кеча уларнинг асосий шахси ўлдирилди. У норозилик намойишчиларини ўлдириш учун жавобгар эди», — деди Трамп.
Али Лорижоний узоқ йиллар давомида Эрон ҳокимиятидаги асосий фигуралардан бири бўлиб келган. У парламент спикери, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби, ядровий дастур бўйича бош музокарачи сифатида фаолият юритган ва Россия ҳамда Хитой билан алоқаларда муҳим боғловчи бўлган.
Унинг йўқ қилиниши Эрон сиёсий тизими учун жиддий зарба сифатида баҳоланмоқда. Бундай тажриба ва алоқаларга эга шахслар кам бўлгани сабабли, уни тезда алмаштириш қийин бўлиши таъкидланмоқда.
Кузатувчилар фикрича, бу ҳолат айни пайтда мураккаб босқични бошдан кечираётган Эрон раҳбарияти учун қўшимча босим келтириши мумкин.