Мюнхен хавфсизлик конференцияси раиси ва собиқ канцлер Ангела Меркелнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича узоқ йиллик маслаҳатчиси Кристоф Хойсген Россия агрессиясидан ҳимояланиш учун Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш тарафдори эканини билдирди. Хойсген худди шундай фикрни 29 январь, якшанба куни Германиянинг ARD жамоат-ҳуқуқий телеканалининг Europamagazin дастури эфирида айтди.
«Менимча, қирувчи самолётлар етказиб бериш Украинани ҳужумлардан яхшироқ ҳимоя қилиш учун адекват қадам бўлади», - деди Хойсген.
Унинг сўзларига кўра, гап Американинг тўртинчи авлод F-16 қирувчи самолётлари ёки ГДРнинг эски захираларидан Совет Иттифоқи томонидан ишлаб чиқарилган жанговар самолётлар ҳақида кетиши мумкин.
Халқаро қонунларга кўра, хорижий кучларга Украинага қурол-яроғ, жумладан, жанговар танклар, шунингдек, жанговар самолётлар етказиб беришга рухсат берилган, дея қўшимча қилди Кристоф Хойсген.
Мюнхен хавфсизлик конференцияси раҳбари 18 январь куни Reuters агентлигига берган интервьюсида Европа ташқи алоқалар кенгашининг Украинага Leopard 2 танкларини биргаликда етказиб бериш ва украиналик ҳарбийларни уларни бошқаришга ўргатиш бўйича Европа консорциумини яратиш таклифини тўғри деб баҳолади.