Маҳаллий Тvnoviny телеканали хабарига кўра, Фицо сўнгги кунларда бир нечта тадбирларда иштирок этишдан бош тортган. Қайд этилишича, бунга ўтган йилги суиқасддан кейин унинг саломатлигида юзага келган жиддий муаммолари сабаб бўлган.
Фицо, хусусан, 1 Май байрамида иштирок этишдан бош тортган, Оксфорд университетидаги маърузани ва Нитра шаҳридаги тадбирни кейинга қолдирган. Расмий манбалар бош вазир дастуридаги ўзгаришлар сабаблари ҳақида маълумот бермаяпти.
Роберт Фицо 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган парадда иштирок этишини маълум қилганди, энди унинг бу тадбирда қатнашиши ноаниқ бўлиб турибди.
Аввалроқ Москвадаги “Ғалаба паради”да иштирок этишни режалаштирган Сербия президенти Александр Вучичнинг соғлиғи тўсатдан ёмонлашгани хабар берилган эди.
Қайд этиш жоизки, Еврокомиссия ЕИга аъзо ва аъзоликка номзод давлатларни Москвадаги парадда иштирок этишнинг салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантирган эди.