Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Сирдарёни ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгилаб олинди

Сирдарёни ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгилаб олинди

Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Давлат раҳбари сўнгги йилларда ҳудудда амалга оширилган ислоҳотлар ва катта ўзгаришларни алоҳида таъкидлади.

8 йилда ҳудудга 4 млрд доллар инвестиция киритилиб, 187 та йирик корхона ишга тушди, 120 минг иш ўрни яратилди. Саноат ҳажми 4 трлн сўмдан 25 трлн сўмгача ошди. Илгари дотацияда бўлган бир қатор шаҳар ва туманлар бугунги кунда ўзини ўзи таъминлаш даражасига чиққан.

Келгуси йил Сирдарё туманида 122 млн долларлик автомобилсозлик лойиҳаси йўлга қўйилади. Шунингдек, Қозоғистон билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиё саноат кооперацияси марказида умумий қиймати 300 млн доллар бўлган 14 та корхона иш бошлайди.

Президент Сирдарёда таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма тизимларини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб, келгуси йил учун яна 100 млн доллар ажратилишини маълум қилди.

Эркин Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Давлат раҳбари янги ҳокимга қатор устувор вазифаларни қўйди:

  • 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш;

  • экспортни 500 млн долларга етказиш;

  • 185 минг аҳолига иш ўрни яратиш.

Сирдарё эркин иқтисодий зонаси 1080 гектаргача кенгайтирилди. Хитой билан ҳамкорликда 700 млн долларлик 40 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Тошкентдан кўчириладиган корхоналар учун Сирдарёда махсус имтиёзлар берилади.

Қишлоқ хўжалигида эса келгуси йил 100 млн куб метрли “Султонҳовуз” сув омбори қурилиши бошланади. Бу 110 минг гектарда йиллик икки ҳосил етиштириш имконини яратади.

Президент маҳаллий йўллар, хизмат соҳаси, тадбиркорлик инфратузилмаси ва аҳоли шароитини яхшилаш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Гулистонда содир бўлган газ баллони портлашида жабрланганларга ёрдам кўрсатилиши белгиланди, ҳалок бўлганларнинг оилаларига чуқур таъзия билдирилди.

Сессияда мутасаддилар ҳисобот берди ва таклифлар муҳокама қилинди. Давлат раҳбарининг Сирдарёга ташрифи якунланди.

Киритилди: 20:46 04.12.2025. Ўқилди: 246 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!