Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Сирдарёда жирканч жиноят: она хориждан қайтди, қизи ҳомиладор, натижада эса...

Сирдарёда жирканч жиноят: она хориждан қайтди, қизи ҳомиладор, натижада эса...

Назокат Бўронова (исм-шарифлар ўзгартирилган) хорижга ишлагани кетгани туфайли анчадан буён қизи билан учрашмаган эди. Хориждан қайтиб келиб, қизи билан кўришгач, юраги қандайдир нохушлик рўй берганини сезди. Чунки ҳали турмуш қурмаган Ситоранинг қадди-қомати-ю афт-ангорида ҳомиладорлик аломатлари сезилиб турарди.

У айни дамда мўмай пул ишлаб келиш учун қизини ёл­ғиз қолдириб хорижга кетганидан қаттиқ афсус чекди. Аммо бунинг фойдаси йўқлигини билиб, энди бу исноддан қандай қутулиш ҳақида тун бўйи мижжа қоқмай ўйлаб чиқди.

— Энди гап бундай, — деди она эрталаб Ситорага бироз жаҳлидан тушиб. — Бу ер­да қолмаслигинг, таниш-билишлар кў­зига кўринмаслигинг керак. Бугуноқ Сирдарёга жўнайсан.

Ситорани Сирдарёга жўнатишга асос бор эди. Чунки 2000 йилнинг 4 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида туғилган С. Ўлмасжонова Боёвут туманидаги маҳаллалардан бирида доимий рўйхатда туриб, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида онаси Н. Бўронова билан бирга яшаётганди.

Қисқаси ўша куни онасининг талаби билан Ситора Тошкент вилоя­тидан Сирдарёга йўл олди. Шу йилнинг 22 июнь куни у шифокор тавсияси билан Гу­лис­тон шаҳридаги туғруқ марказига қабул қи­линди.

Ситора туғруқхонада кўзи ёришидан икки-уч кун олдин Шоҳсанам исмли аёл билан танишиб қолади. Суҳбат асносида Ситора янги танишига туғилажак фарзандини сотиш ниятида эканини айтади. Ўз нав­батида, Шоҳсанам бу гапни дугонаси Шоирага етказади.

Дарҳақиқат, Ситора Шоҳсанамга онаси Н. Бўронова билан келишган ҳолда чақалоқни 3 минг 200 АҚШ долларига сотишини маълум қи­ла­ди. Шунда Шоҳсанамнинг кўнг­лида бу тубан кимсаларга нисбатан нафрат пайдо бўлади. Натижада Ш. Иномова ва Ш. Бандақулова она-боланинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қонуний чора кўришни сў­раб, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Сирдарё вилояти бошқармасига ариза билан мурожаат қилишади.

Ушбу мурожаатдан сўнг бошқарма томонидан тезкор тадбир ўтказилиши режалаштирилади. Тадбирда фойдаланиш учун бошқарманинг махсус кассасидан олинган 32 дона 100 АҚШ доллари купюрасига мутахассислар ва икки нафар холис иштирокида кимёвий кукун билан ишлов берилади.

Шунингдек, Шоҳсанамга махсус овоз ёзиш мосламаси — диктофон ҳам тақдим этилади.

Бундан бехабар Ситора туғуруқхонадан чиқишаётганини айтиб, Шоҳсанамга қўнғироқ қилади. Туғуруқхонага етиб борган Шоҳсанам уларни ўзининг хонадонига олиб боради.

Орадан кўп вақт ўтмай Шоира келишилган пулни олиб келади. Н. Бўронова Шоҳсанамдан 3 минг 200 АҚШ долларини санаб олади.

Келишувга кўра, Ситора фуқаро Ш. Иномовага ўз хоҳиши билан боласини топширгани ва бунинг эвазига 3 минг 200 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни олгани, келгусида даъво қилмаслигини баён этиб, тилхат ёзиб беради. Тилхатга Ситора билан бирга онаси Н. Бўронова ҳам имзо қўяди.

Чақалоқни жабрланувчиларга топширган болафурушлар уйдан чиқиши билан қўлга олинади ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Вояга етмаган Моҳина Ўлмасжонова «Болалар уйи»га топширилади.

Шу ўринда судланувчиларга нисбатан суд томонидан жиноий қилмишлари учун жазо тури ва меъёрини белгилаш ҳолатларига тўхталишдан олдин одам савдоси, хусусан, чақалоқлар савдоси билан боғлиқ баъзи маълумотларга тўхталишни ўринли деб ўйлаймиз.

Халқаро ташкилотлар берган маълумотларга қараганда, дунё миқ­ёсида ҳар йили 4 миллион нафардан ортиқ киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Уларнинг 80 фоизини аёллар ва вояга етмаганлар ташкил этади.

Мамлакатимизда одам садоси жиноятларининг сони 2012 — 2019 йиллар мобайнида олти баробарга камайган. Бу яхши, албатта. Бироқ ана шу вақт ичида чақалоқлар ва болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони ортган.

Кейинги уч йилда чақалоқ савдосидан 114 нафар бола жабр­лангани ва уларнинг аксарияти 3 ёш­гача бўлган болалар экани ғоятда хавотирлидир.

Энди юқорида тафсилоти баён этилган жиноят ишига қайтадиган бўл­сак, биринчи босқич суди судланувчилар Н. Бўронова ва С. Ўлмасжоновани Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Аммо суднинг ҳукмидан норози бўл­ган судланувчилар апелляция шикояти билан мурожаат қилишди.

Яқинда ушбу апелляция шикояти Сирдарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича апелляция инс­тан­ция­си­нинг очиқ суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.

Апелляция инстанциясида биринчи босқич судининг ҳукмида ифодаланган барча хулосалар асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мувофиқ бў­либ, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилган ҳамда судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қис­ми «а» банди билан тўғ­ри­ малакаланган, деган тўх­тамга келинди.

Апелляция судлов ҳайъа­тида аниқланишича, биринчи босқич суди судланувчи Н. Бўроновага жазо тайинлашда қилмишнинг сабаби, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, Жиноят кодексининг қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига амал қилган. Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан жи­ноят­ учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қа­­рорида берилган тушунтиришларга амал қи­либ, ишдаги барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳо­латларни эътиборга олган, судланувчиларга қилмишларига яраша жазо тайинлаб, қонуний хулосага келган. Би­роқ апелляция судлов ҳайъати судланувчи Н. Бў­роновага нисбатан жазо тайинлашда айбига иқ­рорлиги, аёллиги, муқаддам судланмагани, оилада ягона боқувчилиги, бир оиладан икки киши судланаётгани, ўғли хорижга ишлаш учун кетгани, қизи С. Ўлмасжоновага озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланаётганини инобатга олмасдан, унга нисбатан бирмунча оғир жазо тайинлаган, деб ҳисоблади.

Шу боис апелляция судлов ҳайъати ажримига асосан судланувчи Н. Бўроновага Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига кўра, судланувчининг 2021 йил 6 июлдан 2021 йил 8 октябрь кунига қадар қамоқда ўтирган 3 ой 2 куннинг ҳар бир куни озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, ўташ учун 4 йил 8 ой 28 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. Суд ажрими билан Н. Бўроновага қўшимча тақиқлар юклатилди.

Воқеа тафсилотларидан кўриниб турибдики, маънавий қашшоқлик, нафс қутқуси она ва қизини жиноят кўчасига етаклади. Бу эса жамиятда маънавиятни юксалтириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада кенг тарғиб этишни тақозо этади. Зеро, маънавий етук, ҳуқуқий онги ва ҳу­қу­қий маданияти кенг бўл­ган инсон асло жиноий қилмишларга қўл урмайди.

Бобошер ҚУРБОНОВ,

Сирдарё вилояти суди раиси ўринбосари,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Киритилди: 17:47 27.12.2021. Ўқилди: 12087 марта. Фикрлар сони: 4 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!