Бугун 19 сентябрь, 2019 йил, пайшанба

O'ZB

Сир очилди: Самарқанд нонининг хамири муздек сувда тайёрланади

Сир очилди: Самарқанд нонининг хамири муздек сувда тайёрланади

Самарқанд ҳақида гап кетганда, аввало, унинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, бетакрор табиати ва албатта, оламга машҳур нони тилга олинади. Самарқанд нонининг таърифу тавсифи ҳақида турли фикрлар айтилган. Уни бошқа жойда тайёрлаб бўлмаслиги, ўзига хос сири борлиги тўғрисидаги фикрларни кўп эшитганмиз. Қизиқ, асли ҳақиқат қандай?

 

20.JPG

 

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг Галаосиё маҳалласида бўлдик. Мазкур маҳалла аҳлининг кўпчилиги новвойлик билан шуғулланади. Шу боис ҳақиқий Самарқанд нони деб эътироф этиладиган вазни 1,5 – 2 килограмм тош босадиган нонлар “Галаосиё нони” деб юритилади.

 

Самарқанд нонининг тайёрланиш сирлари ҳақида билиш учун маҳаллада истиқомат қилувчи уста новвойлардан бири Орзиқул Зоҳидовнинг иш фаолиятини кузатдик. Асли мутахассислиги қурувчи-муҳандис бўлса-да, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган новвойлик касбини муносиб давом эттириб келаётган Орзиқул акадан юқоридаги саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

 

1.JPG

 

2.JPG

 

4.JPG

 

-Самарқанд нонини тайёрлашнинг ҳеч қандай сири йўқ, - дейди новвой. – Фақат меҳр кифоя. Ҳар қандай ишга, ҳар қандай нарса-буюмни тайёрлашда қунт билан, меҳр билан ишланса, у мукаммал бўлади. Бошқа жойда ҳам худди шундай нон тайёрлаш мумкин. Баъзилар хамир тайёрлашнинг сири бор, ҳудуднинг суви ва ҳавоси ҳам ўзгача деган фикрларни айтишади. Аслида хамир тайёрланадиган жой ва унинг ҳароратига эътибор қилиш лозим. Хамир тайёрланадиган жой алоҳида бўлиши, унинг ҳарорати доим бир хил — 25 даражада сақланиши керак. Агар хона ҳарорати тушса ёки кўтарилса, ноннинг сифатига таъсир қилади. Бир хил ҳароратда тайёрланган хамир то тандирга киргунча ўша жойда ишлов берилади. Хамир доим муздек сувда тайёрланади. Бир неча бор қўлда ишлов бериб, тиндирилади. Қачон хамир меъёрига етса ундан кейин шакл берилиб, ясалади. Бунинг учун 12-14 соатча вақт талаб этилади. Тандирни тайёрлашнинг ҳам тартиби бор. Ўтинга қизитилган тандир билан алоҳида тиллашиш керак. Тандирнинг нонни қабул қилишга тайёрлиги новвойнинг юзида акс этади. Белгиланган меъёрга келган тандирга нон тартиб билан жойлаштирилади. Бир тандирда 40 та нон ёпамиз. Тандирда нон ярим соатда пишиб тайёр бўлади. Нон бир хил қизариб пишиши учун тандир ҳароратини меъёрда ушлаш, зарур пайтда сув бериб туриш лозим. Баъзан шаҳримизда ўтказиладиган нуфузли тадбирларда нон тайёрлашга тўғри келади. Жойида бориб тайёрлаган нонларимиз ўхшамай қолган пайтлар ҳам бўлади. Кўпчилик буни жой ўзгаргани билан изоҳлайди. Аслида юқорида айтганимдек, нон тайёрлаш учун у ерда белгиланган тартиб-қоидани амалга ошириш имкони йўқлигида. Бунинг бошқа сири йўқ.

 

15.JPG

 

10.JPG

 

63 ёшли новвой Орзиқул Зоҳидов бу касбни онасидан ўрганган. Онаси 40 йил ушбу касб билан шуғулланган. Орзиқул ака ҳам бугун ўз касбини фарзандларига ўргатиб, авлоддан-авлодга ўтаётган қадимий касб давомийлигини таъминламоқда.

 

-Ўз соҳам бўйича ҳам 20 йил турли вазифаларда ишладим. Аммо кўз очиб ўрганган касбимизга меҳр устунлик қилди. Шунинг учун фарзандларимга ҳам ўргатдим. Уч ўғил, бир қизим бор. Улар ҳам ўз хонадонларида ушбу касб орқасидан ҳалол ризқ топиб, тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Кичик ўғлим мен билан бирга. Кунига 80 та нон тайёрлаб, бозорга чиқарамиз. Шунинг орқасида рўзғоримиз бут, уйдагиларнинг ҳаммаси иш билан банд. Эрта тонгдан иссиқ нонни ҳамшаҳарларимиз дастурхонига, меҳмонларга тортиқ қилишдан ўзимиз ҳам хурсанд бўламиз. Айниқса, хорижлик меҳмонларнинг нонимизга ҳайрат билан боқишини кўрганимизда оддий меҳнатимиз билан уларни лол қолдираётганимиздан фахрланамиз.

Киритилди: 15:39 25.06.2019. Ўқилди: 2660 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!