Сингапур ҳукумати 13 февралдан бошлаб коронавирус тарқалиши сабабли киритилган барча чекловлар бекор қилинишини эълон қилди. Бу ҳақда пайшанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
"Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳам мамлакатда, ҳам жаҳонда барқарор бўлиб қолмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимига таҳдид минимал, душанбадан бошлаб эпидемияга қарши курашиш тизимининг даражаси энг паст даражага туширилади" - дейилади баёнотда.
Жамоат транспортида ниқоб тақиш тартиби ва чегарада карантин назорати чоралари бекор қилинди. The Straits Times нашрига кўра, эмланмаган саёҳатчилар энди махсус саёҳат суғуртасини сотиб олишлари ёки коронавирус тести натижаларини тақдим этишлари шарт эмас.
"Келажакда хавфлироқ штаммлар пайдо бўлиши мумкинлигини инкор эта олмаймиз, аммо ҳозир биз дуч келадиган хавфлар бир-икки ой олдингига қараганда анча паст", деди Соғлиқни сақлаш вазири Он Е Кун.
Пандемия даврида Сингапурда жами 2,2 миллиондан ортиқ коронавирус инфекцияси қайд этилган. 1722 киши вафот этган.