BBC нашрининг хабар беришича, ўтган ҳафта Сингапур наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун уч кишини қатл қилган ва шу билан йил давомида мамлакатдаги умумий оълим жазолари сони 17 тага етди. Бу 2003 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳукм наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазоси мамлакат конституциясига зид экани юзасидан берилган даъво кўриб чиқилишидан атиги бир ҳафта олдин ижро этилди. Евроиттифоқ давлатлари, шунингдек, Норвегия, Швейцария ва Буюк Британиянинг дипломатик миссиялари Сингапурнинг икки фуқароси ҳамда Малайзия фуқаросининг қатл этилишини қоралади.
Сингапур ҳукумати эса ўлим жазоси бекор қилинса, янада оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини таъкидлайди. Расмийларнинг фикрича, наркотик моддалар савдосига нисбатан кескин жазо Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларида жиддий муаммо бўлган жиноятларни жиловлашга хизмат қилади. Уларнинг айтишича, ўлим жазоси Сингапурни дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бирига айлантиришга ёрдам берган.
Сингапур қонунчилигида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси кенг талқин қилинади — бунга уларни сотиш, топшириш, ташиш ёки истеъмол қилиш киради. 15 граммдан ортиқ героин, 30 грамм кокаин, 250 грамм метамфетамин ёки 500 грамм каннабис айланмаси учун судлар мажбурий равишда ўлим жазосини тайинлаши шарт.