Телеканал ҳужум ижрочиларининг шахсини очиқлади – Сажид Акром (ота) ва Навид Акром (ўғил). Австралия ички ишлар вазири Тони Беркнинг айтишича, Сажид Акром мамлакатга 1998 йилда талабалик визаси билан келган, 2001 йилда уйланиб, оилавий визали бўлган ва доимий яшаш рухсатномасини қўлга киритган. Унинг ўғли туғилгандан Австралия фуқаросига айланган. Сажид Акром Австралияга қайси мамлакатдан келганига аниқлик киритилмаган.
АBC ўз манбасига асосланиб, 2019 йилда Австралия разведка хизмати (АSIO) Навид Акромни ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумонлаганини хабар қилган. Ўшанда Сиднейда ИШИД аъзоси Исҳоқ ал-Матари қўлга олинганида у ҳам сўроқ қилинган. Манба маълумотига кўра, Акром ушбу террорчилик гуруҳининг Австралиядаги бўлими раҳбари ҳисобланган Матари билан яқин алоқада бўлган.
Терроризмга қарши кураш бўйича бирлашган гуруҳ (JCTT) терговчилари Сажид Акром ва унинг ўғли ИШИДга байъат қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Отишма содир бўлган пляжда уларнинг машинасидан гуруҳнинг иккита байроғи топилган, деб хабар бермоқда АBC манбалари.
Австралия бош вазири Энтони Албанезе разведка хизмати Навид Акромга биринчи марта 2019 йил октябрида қизиқиб қолгани ва уни кейинги олти ой мобайнида кузатганини тасдиқлаган. Аммо махсус хизматлар у “доимий таҳдид манбайи эмас” деб топишган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 14 декабр куни Сиднейдаги пляжда юз берган отишма оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, улардан бири отишмани уюштирган шахс. 40 дан ортиқ киши жароҳатланган ҳолда шифохоналарга ётқизилган. Ҳодиса яҳудийларнинг Ҳанука байрами бошланишига бағишланган тадбир вақтида юз берган.