Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
27 апрел куни Швейцария Федерал жиноий суди Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова устидан суд жараёнини бошлади. Жараён 22 майга қадар давом этиши кутилмоқда", дея хабар бермоқда агентлик.
Айни пайтда Каримова Ўзбекистондаги колонияда жазо муддатини ўтамоқда, шу сабабли у Швейцариядаги судда иштирок эта олмайди. Унинг адвокатларидан бири Грегуар Манжа ҳамкасблари билан бирга ўз мижозининг “тўлиқ ва сўзсиз оқланишига” ҳаракат қилишини билдирди.
Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан айбловларни 2023 йил кузида эълон қилган. Қайд этилишича, у бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган “Офис” номли жиноий гуруҳни тузган ва унга раҳбарлик қилган. У Швейцария ва бошқа мамлакатларда юзлаб миллион долларлик “келиб чиқиши жиноий” маблағларни жойлаштиришда, шунингдек, ноқонуний йўл билан олинган нақд пуллар, заргарлик буюмлари ва бошқа бойликларни сақлашни ташкил қилишда айбланмоқда.
Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.