Швеция прокурори Россия билан алоқаси борлиги тахмин қилинаётган ва мусодара этилган нефт танкерининг хитойлик капитани ҳибсга олинганини маълум қилди. У сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ва денгизчилик қоидаларини бузишда гумонланмоқда. Швеция соҳил қўриқлаш хизмати ва полицияси Сурия байроғи остида ҳаракатланаётган Jin Hui кемасини мамлакат ҳудудий сувларида тўхтатиб, бортга чиққан.
Катта прокурор Адриен Комбье-Хоггнинг билдиришича, исми очиқланмаган капитан бугун сўроқ қилинади.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, бу кема Россиянинг Украинадаги уруш туфайли киритилган Ғарб санкцияларини айланиб ўтиш учун фойдаланадиган "соя флоти"га тегишли бўлиши мумкин. Европа давлатлари бундай флот фаолиятига қарши курашни кучайтирган бир вақтда, Jin Hui кемасининг тўхтатилиши Швеция учун жорий йилдаги бешинчи шундай ҳолат бўлди.
Кеманинг ўзи Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатларида борлиги, унинг ичида юк бўлмагани ва қаерга кетаётгани номаълумлиги айтилмоқда. Россия ҳозирча бу воқеага муносабат билдиргани йўқ, бироқ аввалроқ ўз кемаларининг тўхтатилишини душманлик ҳаракати деб атаган эди.