ЎзА мухбирининг «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Шералиев билан суҳбати Ўзбекистонда энергия самарадорлигини таъминлаш, муқобил энергияни ривожлантиришда мазкур компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди. Қуйида ушбу суҳбат тўлалигича тақдим этилади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ва Американинг General Electric компанияси ўртасида битимлар имзоланган эди. Ушбу келишув ҳақида маълумот берсангиз?
– Ташриф доирасида «Ўзбекэнерго» АЖ ва General Electric компанияси ўртасида имзоланган битимлар «Тошкент ИЭС" (иссиқлик электр станцияси) ҳудудидаги буғ-газ қурилмаси негизида янги Ҳ-турли турбиналарни қўллаш орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудида юқори кулли кўмирни ёқиш эвазига электр энергиясини ишлаб чиқариш технологиясини танлаш ва қуришни ўз ичига олади.
Келишувга мувофиқ General Electric компанияси «Тошкент ИЭС»да қуввати 370 МВтга тенг буғ-газ қурилмасини қуриш» лойиҳаси бўйича асосий ускуналарнинг етказиб берувчиси ҳисобланади. Шунингдек, мазкур компания «Тахиатош ИЭС»да қуввати 230—280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш» инвестиция лойиҳасига кўра, GT1, GT2 газ турбиналари ускуналари ва генераторини етказиб беришни ўз зиммасига олган.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда General Electric компанияси кўмагида «Тошкент ИЭС» буғ-газ қурилмасида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми 370 МВтга етди. Бу мамлакатимиз энергия тизимини ривожлантириш йўлидаги ҳамкорликнинг амалий натижасидир.
– «Тошкент ИЭС« ҳудудидаги буғ-газ қурилмаси негизида General Electric компанияси томонидан таклиф этилаётган янги технологиялар қанчалик самарадор?
– Ҳамкорларимиз соҳага инновацион технологияларни жорий этишда дунёда етакчилардан ҳисобланади. Чунончи, бизга таклиф этилаётган циклли электростанциялар газ ва буғ турбиналари, генераторлар, утилизация қозонлари, электростанцияларни бошқариш тизимлари ва ижтимоий тизимлар каби ускуналарни ўз ичига қамраб олади. Комбинацияланган барча циклли энергоблоклар 62 фоиздан ортиқ фойдали иш коэффициентига эга. Айни вақтда қурилмалар устида General Electric’нинг тажриба майдонида ўтказилаётган синовлар муваффақиятли давом этмоқда.
General Electric компанияси Франциянинг Бушен электростанциясида ишга туширган 9 ҲА сериясидаги ускуналари юқори фойдали иш коэффициентига эга экани билан Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган. «Тошкент ИЭС» буғ-газ қурилмаси негизидаги янги технологиялар ҳам ана шундай юқори самарадорликка эга бўлишига ишонамиз.
– "Ўзбекэнерго» билан General Electric ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида нима дея оласиз?
– Ўтган йилнинг сентябр ойида «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти билан General Electric компаниясининг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича минтақавий директори Бела Ференси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида «Ўзбекэнерго» АЖнинг қуввати 450—650 МВтга тенг буғ-газ қурилмасини қўшимча ўрганиш ва қиёсий таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг февраль ойида General Electric президенти ва бош ижрочи директори Рон Поллетнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга оид қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, келгусида «Тошкент ИЭС»да қуввати 660 МВтга тенг ГЕ Ҳ тоифадаги турбиналар асосида буғ-газ қурилмаси бунёд этилади.
– «Ўзбекэнерго» жаҳоннинг йирик муқобил энергия ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири Sky Power Global билан ҳам алоқа ўрнатган. Айни ҳамкорлик мамлакатимизда қуёш энергиясини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйишда муносиб қадам бўла оладими?
– Диёримизда йилнинг ўртача 320 куни қуёшли эканини инобатга олсак, мамлакатимиз қуёш энергетикасидан фойдаланиш бўйича катта салоҳиятга эга. Бир сўз билан айтганда, юртимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш орқали 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг қувват ишлаб чиқарилиши мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида қуёш энергетикаси имкониятларини ўзлаштиришга қаратилган технологик базаларни кўпайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ташкилотимиз билан Sky Power Global компанияси ўртасида 2018 йилнинг 19 апрелида «Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида» имзоланган битим ҳам ана шу жараён маҳсулидир.
Ушбу битимга мувофиқ Sky Power Global компанияси «Ўзбекистонда умумий қуввати 1000 МВтга тенг фотоэлектрик қуёш энергияси станцияси объектларини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, бунёд этиш, уларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш» лойиҳасини амалга ошириш учун 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилади. Натижада яқин 4 йилда мамлакатимиздаги йирик фотоэлектр станциялари сони сезиларли ортади.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи, Вашингтонда бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар якуни бўйича эришилган келишувлар яқин ва ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишларини белгилаб бериш билан бирга, энергетика соҳасида ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратди.
Манба: daryo.uz