Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияга қарши халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказади. Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ташкил этиладиган баҳс соат 20:00 да бошланади.
Мазкур қарама-қаршилик икки жамоа учун ҳам ноябрь ойидаги халқаро танаффуснинг муҳим синовларидан бири ҳисобланади.
Каннаваро ва Карпин қарама-қаршилиги
Ўзбекистон терма жамоасини италиялик мутахассис Фабио Каннаваро, Россияни эса Валерий Карпин бошқармоқда.
Каннаваро шогирдлари сўнгги учрашувларда турлича натижалар қайд этди. Сентябрь ойида Эронни 3:1, октябрь бошида Сурияни 4:1 ҳисобида мағлуб этган жамоамиз 6 октябрда Жанубий Кореяга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Россия терма жамоаси эса сентябрда Эрон устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Октябрь ойида Нигерияга қарши ўтказилган учрашув 3:3 ҳисобида якунланди.
Ўзбекистон таркибидаги вазият
Фабио Каннаваро ноябрь ойидаги йиғин учун 30 нафар футболчини жалб этди.
Жамоамиз сардори Элдор Шомуродов 10 ноябрь куни терма жамоа қароргоҳига етиб келиб, машғулотларга қўшилди. Ҳужумчи Россия чемпионати мухлисларига яхши таниш. У аввал «Ростов» клубида айнан Валерий Карпин қўл остида ҳаракат қилган.
Шунингдек, Аббосбек Файзуллаев ҳам Ўзбекистоннинг ҳужумдаги муҳим футболчиларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Бироқ миллий жамоамиз Россияга қарши учрашувда асосий ҳимоячиларидан бири Абдуқодир Ҳусановнинг хизматидан фойдалана олмайди. «Манчестер Сити» футболчиси жароҳатидан тикланишни давом эттираётгани сабабли йиғин қайдномасига киритилмаган.
Россияда ҳам жиддий йўқотишлар бор
Валерий Карпин бошчилигидаги жамоа ҳам Тошкентга оптимал таркибда келмади.
Александр Головин, Наиль Умяров ва Максим Осипенко жароҳат билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Шунингдек, Максим Глушенков ва Александр Соболев ноябрь ойидаги ўйинлар учун терма жамоага жалб этилмаган.
Карпин ўйинолди матбуот анжуманида "ПСЖ" дарвозабони Матвей Сафонов Ўзбекистонга қарши асосий таркибда майдонга тушишини тасдиқлади.
Карпин Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда?
Россия терма жамоаси бош мураббийи Тошкентдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон футболининг сўнгги йиллардаги ривожланишига юқори баҳо берди.
Карпиннинг фикрича, 2022 йилдаги ўзаро учрашувдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси сезиларли даражада кучайган. У футболчиларнинг индивидуал савияси ошгани ва жамоанинг тактик интизоми яхшиланганини таъкидлади.
Мутахассис Ўзбекистон ҳозир айрим Европа терма жамоаларидан ҳам кучлироқ бўлиши мумкинлигини қайд этди.
Ўзаро учрашувлар тарихи
Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари сўнгги бор 2022 йилнинг 20 ноябрида Тошкентда тўқнаш келган.
Ўшанда «Пахтакор» стадионида ўтказилган ўртоқлик учрашувида ҳисоб очилмаган — 0:0.
Орадан тўрт йил ўтиб, жамоалар яна ўша стадионда ўзаро куч синашади.
Ўйиндан нималар кутиш мумкин?
Ўзбекистон учун бу учрашув юқори савияли рақибга қарши ҳимоядаги барқарорликни текшириш ва ҳужумдаги имкониятларни синовдан ўтказиш имконини беради.
Айниқса, Ҳусановнинг йўқлигида ҳимоя чизиғининг ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади. Ҳужумда эса Шомуродов ва Файзуллаевнинг тезкор ҳаракатлари рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратиши мумкин.
Россия ҳам бир қатор етакчиларисиз майдонга тушади. Бу эса Карпинни таркибда ўзгаришлар қилишга ундайди.
Мезбонлар ўз мухлислари қаршисида ижобий натижа қайд этишга интилади. Ҳар икки жамоа учун ушбу баҳс нафақат натижа, балки навбатдаги халқаро учрашувлар олдидан тайёргарлик даражасини баҳолаш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Халқаро ўртоқлик учрашуви
12 ноябрь, пайшанба
20:00. Ўзбекистон – Россия
Стадион: «Пахтакор», Тошкент.
Бош мураббийлар: Фабио Каннаваро — Валерий Карпин.