Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Тошкент тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. Олдиндан тезкор кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги «Damas» русумли автотранспорт воситаси «Навоий» чегара божхона пости яқинида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш жараёнида автотранспорт воситасида олиб келинаётган турли хил ширинликлар ичига яширилган жами 613 дона «Lips Nicotine Pouches» номли тамаки маҳсулотлари фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган тамаки маҳсулотларининг қиймати 65 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Рақамларга кўра, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 304 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, натижада умумий қиймати 2 миллиард 900 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.