КХДР қўшинлари Россиянинг Харков ва Суми вилоятларига ҳужумида иштирок этиши мумкин.
Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Черняк Япониянинг NHK телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, КХДР армияси аллақачон йўқотишларга учраган - Украинага қарши жангларда 5 мингга яқин шимолий кореялик ҳалок бўлган, яна 6 мингга яқини Курск вилоятида бўлиб, жанг ҳаракатларида қатнашишни давом эттирмоқда.
Чернякнинг таъкидлашича, КХДР бўлинмалари ўз тайёргарлиги ва тактикасини такомиллаштирган: илгари улар катта гуруҳлар билан ҳужум қилиб, Украина артиллерияси ва дронлари учун осон нишонга айланган бўлса, энди кичик гуруҳлар билан ҳаракат қилмоқда.
Бош разведка бошқармаси вакили қўшимча қилишича, Шимолий Корея ҳарбийлари тил тўсиғига қарамай, рус аскарлари билан бевосита мулоқот қилмасдан, буйруқларни бажармоқда ва ҳужумларда иштирок этмоқда.
Илгари The Wall Street Journal шимолий кореяликларни жанг майдонидаги энг хавфли рақиблардан бири сифатида таърифлаган эди. Таҳлилчилар ва украиналик ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, улар жанг шароитларига тезда мослашиб кетмоқда. Пентагоннинг собиқ маслаҳатчиси Рубен Ф. Жонсон айтишича, КХДР армияси 50 фоизгача йўқотишга учраган, шундан сўнг Украинага чекланган миқдорда янги жангчилар гуруҳи жўнатилган.