Нашрнинг Жанубий Корея Ҳарбий разведка агентлиги (DIA) ҳисоботига таяниб хабар беришича, Украина уруши давомида КХДР Россияга тахминан 28 мингта контейнерда қурол-яроғ ва артиллерия снарядлари юборган.
"Агар бу миқдорни 152 мм ўлчамли снарядлар ҳисобида баҳоласак, етказиб берилган снарядлар сони тахминан 12 миллиондан ошган", дейилади DIA баёнотида.
Украина ҳарбий разведкаси (ГУР) раҳбари Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия армиясидаги йирик калибрли снарядларининг ярми Шимолий Корея ишлаб чиқаришига мансуб. Москва КХДРдан ўқ-дорилар сотиб олганини ҳеч қачон расман тасдиқламаган, бироқ уруш бошида Россия армиясида кузатилган “снарядлар тақчиллиги” ҳақидаги шикоятлар ҳозирда тўхтаган.
2024 йилда Россия ва Шимолий Корея ўзаро ҳарбий ёрдамни назарда тутувчи ҳамкорлик шартномасини имзолаганди. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва Украина махсус хизматлари Пхенян яқин ойларда Россиянинг Украинадаги ҳужумларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 25 мингдан 30 минг нафаргача ҳарбий хизматчи юборишни режалаштираётгани ҳақида хабар бермоқда.