Пхенян Шимолий Корея ҳарбий хизматчилари Россия томонида Украинага қарши ҳарбий амалиётларда қатнашаётганини расман тасдиқлади. KCNA давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, КХДР аскарлари “Россия бўлинмаларига Курскдаги ҳудудларни озод қилишда ёрдам берган”, шу билан бирга операция “ғалаба билан” якунланганини таъкидлаган.
Агентлик маълумотларига кўра, қўшинларни жўнатиш Москва билан келишув доирасида КХДР етакчиси Ким Чен Ин томонидан шахсан рухсат этилган. Аввалроқ, Россия ва Шимолий Корея бундай маълумотни на тасдиқлаган, на инкор қилган эди. Энди Шимолий Корея аскарларининг урушда иштирок этиши расмий фактга айланди - бу халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилишидир.
Украина 2024-йил ёзида Курск вилоятига ҳужум бошлади ва минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Бунга жавобан Россия ўз кучларини кучайтирди: Жанубий Корея ва Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Шимолий Корея ёрдамга 10 мингдан ортиқ жангчи жўнатган.
Шахсий таркибдан ташқари, Пхенян қурол-яроғ етказиб беришда давом этмоқда: Жанубий Корея Бош штаби Шимолий Корея ракеталари, гаубитсалари ва кўплаб ракета тизимлари Россияга топширилганини эълон қилди. Владимир Путин, ўз навбатида, КХДР аскарларига Украинага қарши урушга қўшган “ҳиссалари” учун шахсан миннатдорчилик билдирди.