Товарлар, капитал, технологиялар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур, деди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Чжан Мин ШҲТ саммитида сўзлаган нутқида.
Чжан Миннинг фикрича, ШҲТ эътиборини “ШҲТга аъзо давлатларнинг 2035 йилгача бўлган кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури” ва “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2030 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш стратегияси”ни амалга оширишга қаратиш мақсадга мувофиқдир.
“Савдо-иқтисодий институционал механизмларни ривожлантириш, товарлар, капитал, технологиялар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини яратиш ва аҳоли бандлигини оширишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, аъзо давлатлар аҳолиси сезиларли фойда олишлари учун минтақалараро ҳамкорликни ва корпоратив ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадга мувофиқдир”, -деди у.
Унга кўра, ШҲТ турли қийинчилик ва синовларни енгиб, минтақа ва бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик, тараққиётни таъминлашга янада катта ҳисса қўшишга қодир.
“Ишончим комилки, бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли ШҲТ турли қийинчилик ва синовларни енгиб ўтади, минтақада ва бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга янада катта ҳисса қўшади”, - деди Чжан Мин.
Бугун Нью-Деҳлида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг йигирма учинчи саммити видеоалоқа форматида бўлиб ўтди.
Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланди.