Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Шерзод Шерматов: «Болани телефондаги илтимос билан мактабга қабул қилиш – коррупция дегани эмас»

Шерзод Шерматов: «Болани телефондаги илтимос билан мактабга қабул қилиш – коррупция дегани эмас»

Тошкентдаги талаб энг юқори бўлган 81та мактаб рўйхати тузилиб, уларга ўқувчилар қабули бўйича янги тартиб ўрнатилгани бу мактабларнинг раҳбарлари порахўр эканини англатмайди, дея баёнот берди Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

«Коррупциянинг олдини олиш учун дейиляпти. Бу билан ўша мактаб директорлари порахўр ёки ўша мактабларда коррупция авж олган, айнан ўша мактаблар раҳбарияти ўз лавозимига номуносиб, деган фикр келиб чиқмайдими? Ёки ўша коррупция орқали келадиган пулни легаллаштирмаяпмизми?» деган саволга Шерматов қуйидагича жавоб берди.

«Биринчидан, айбсизлик презумпцияси бор. Дарров ҳаммани айбдор қилиш керакмас. Ҳозир қидирсангиз, бюджет ташкилотида ишлаётган ҳамма одамдан хато топса бўлади, ҳамма одамни олиб бориб қамаб қўйса бўлади. Исталган мактаб директори дейсизми ёки исталган бир бюджет ташкилоти... Шунинг учун уни қидириб, кавлашнинг кераги йўқ.

Бу рўйхат қанақа тузилган? Бу рўйхат қайси мактабларга ким кўп қўнғироқ қилади, шу томондан келиб чиқиб тузилган. Ҳеч ким бориб уни ушламаган, бошқа қилмаган... Мендан тортиб, мактаб директоригача исталган даражадаги раҳбарни олайлик. Қайсиларига кўп қўнғироқ бўлади? Қўнғироқ орқали жойлаштиришнинг статистикасини тахминан кўрсатдим, тўғрими? Айрим мактабларда энди ўқишга кирган ўқувчиларнинг 50-70 фоизи қўнғироқ-илтимос орқасидан кирган. Бу қўнғироқ дегани ҳаммаси коррупция дегани эмас. Қўнғироқ дегани, қайсидир битта бошқа орган бор, текширувчи бор, бошқа бор ва ҳоказо. Илтимос қиладиган оддий орган бор. Шулар орқали кирган. Энди у дегани ҳаммаси коррупционер дегани эмас. Айбсизлик презумпцияси бор. Ҳамма одамни коррупционерга чиқарманглар. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, пул ҳақида. Қарорда 6та мақсад қўйгандик. Майли, 5тасига эришайлик. Олтинчисини ҳозир муҳокама қилмай турайлик. Сизлар фақат шу нарса ҳақида гапириб, асосий нарса четда қолиб кетяпти. Мен сизларга айтаётганим, бу нарсада жуда кўп ноқонуний аралашувлар бор. Жуда кўп одамларнинг манфаатлари қолиб кетаётган жойлари бўлиши мумкин. Шу томонларига биз бу қарор билан барҳам беряпмиз», – деган Шерматовнинг сўзларини келтирди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги матбуот анжуманида қатнашган Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, ҳукуматнинг тегишли қарори асосида 2019/2020 йилги ўқув йилида Тошкентдаги 81та мактабга қабул Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Киритилди: 18:06 19.06.2019. Ўқилди: 2023 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!