Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев Россия Ғарб билан нормал муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилганини, аммо Ғарб ҳамкорликдан воз кечиб, санкциялар жорий этиш орқали бу муносабатларни бузганини айтди.
Медведевнинг таъкидлашича, энди Ғарб давлатлари қиммат ёқилғи, юқори инфляция ва айрим муҳим маҳсулотлар танқислиги каби муаммоларга дуч келмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ғарб ўртасида аввал фаол иқтисодий алоқалар мавжуд бўлган, бироқ санкциялар ва ҳамкорликнинг тўхтатилиши бу муносабатларга жиддий таъсир кўрсатган.
Медведев бу фикрларни Эрон Ислом Республикаси Давлат радио ва телевидениесига берган интервьюсида билдирди. Россия расмийлари аввал ҳам Европа Иттифоқининг Россия энергия ресурсларидан воз кечиши энергия нархларининг ошиши ва Европа иқтисодиёти рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келганини таъкидлаган.