Кеча Тошкентда Касаба уюшмалари куни ва Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
"Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фаоллари ва аъзоларига чуқур ҳурмат ва самимий тилаклар изҳор этилган байрам табригини ўқиб эшиттирдим" - деб ёзади Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳафасида.
Давлатимиз раҳбарининг қутловида Янги Ўзбекистонда инсон ҳаёти ва қадр-қиммати қонун ҳимоясидалиги, касаба уюшмалари эса бугунги кунда 8 миллион кишини бирлаштирган фуқаролик жамиятининг энг оммавий институти эканлиги таъкидланган.
Сўнгги беш йил ичида касаба уюшмалари фуқароларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сезиларли ютуқларга эришди. Беш юз минг нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланди, корхоналарда 20 мингта жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги 21 мингдан ортиқ камчилик бартараф этилди, 1 миллионга яқин ходим ва уларнинг оила аъзолари санаторийларда соғломлаштирилди, 800 минг нафар бола учун ёзги дам олиш ташкил этилди.
Халқаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда: Касаба уюшмалари федерацияси ўнга яқин глобал ва минтақавий ташкилотларга аъзо бўлди.
Президентимиз табригида касаба уюшмалари фаоллари ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, одамларнинг турмуш сифатини яхшилаш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бундан буён ҳам муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.