Лондон шаҳрида жамоалар ўртасида Global Chess League-2024 мусобақасининг асосий баҳслари ўз якунига етди. Турнирда ҳар бирида олти нафар шахматчидан иборат 6 та жамоа иштирок этди.
10 та турдан кейин таркибида Нодирбек Абдусатторов бўлган «PBG Alaskan Knights» жамоаси 1-ўринни, таркибида Жавоҳир Синдоров бўлган «Triveni Continental Kings» жамоаси эса 2-ўринни эгаллади ҳамда эртага ушбу икки жамоа финалда ўзаро куч синашади.
Нодирбекнинг жамоаси муддатидан олдин финални нақд қилган эди. Кечаги муҳим баҳсда Жавоҳирнинг жамоаси финал йўлланмаси учун Магнус Карлсен сардорлигидаги жамоани мағлуб этди. Жамоаси ютқазаётган пайтда ҳал қилувчи ғалабани айнан Жавоҳир қўлга киритди ва жамоасини финалга олиб чиқди.
Финал баҳси бугун бўлиб ўтади ва 2 та ўйиндан иборат бўлади. Нодирбек Абдусатторов 2-тахтада Вей Йи билан, Жавоҳир Синдоров эса 6-тахтада Ниҳал Сарин билан куч синашади.
Маълумот учун: турнир чемпиони бўлган жамоага 500 минг АҚШ доллари (6 шахматчи + мураббий), 2-ўринни олган жамоага 250 минг доллар мукофот берилади. Демак, Нодирбек ва Жавоҳир жамоалари аллақачон 250 минг долларни нақд қилиб бўлишди, эртага қайсидир жамоа ярим миллион доллар олиши мумкин.