Бугун 20 апрель, 2026 йил, душанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишди

Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси юзасидан тақдимот билан танишди.

Бу мамлакатимизда ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.

Бугунги кунда юртимиз аҳолиси 38 миллион нафарни ташкил этаётган бўлса, шундан 9,5 миллиони ёки қарийб 25 фоизи 14-30 ёшдаги йигит-қизлардир. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда. Ана шу демографик омил ёшлар сиёсатига узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этмоқда.

Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижий тилларни оммалаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш, меҳнат бозорини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, маданий, жисмоний ва маърифий ривожланишни кучайтириш, волонтёрлик ҳаракатини кенг ёйиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, очиқлик ва иштирок механизмларини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Тақдимотда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган асосий мақсадли кўрсаткичлар кўриб чиқилди. Хусусан, ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилга қадар 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш, ёшлар жиноятчилигини камайтириш, ҳар йили камида 10 мингта ёш оилани ипотека орқали қўллаб-қувватлаш каби вазифалар назарда тутилган. Таълим соҳасида ёшларнинг сифатли билим олиши, нодавлат таълим хизматларини қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда ўқув марказлари имкониятларини кенгайтириш, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш бўйича янги имтиёзлар назарда тутилган.

Жумладан, олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этишга 300 миллион сўмгача ссуда ажратиш, улар учун ижтимоий солиқни ва ўқитувчиларининг даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф этилди. Шунингдек, B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун божни, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача камайтириш таклиф қилинмоқда.

Стратегияда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ипотека дастури орқали кредитнинг Марказий банк ставкаси юқори қисми қоплаб берилиши, шу тариқа уй-жой масаласида ёш оилаларга қўшимча енгиллик яратилиши белгиланмоқда.

Ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида волонтёрлик жамғармасидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратиш, фаол ёшларни давлат ташкилотларида пуллик амалиётга жалб қилиш, илғор ижодкорлар учун Президент мукофотини жорий этиш, шунингдек, китоб ва Book-кафелар жойлашган “Ёшлар кўчалари”ни ташкил қилиш режалаштирилган. Ёшлар инфратузилмасининг минимал стандартлари белгиланади, ҳар бир ҳудуддан “ёшлар туман-шаҳарлари” танлаб олиниб, ушбу стандартларни жорий этиш бўйича намуна яратилади.

Ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, руҳий хавф омилларини қисқартириш, психологик кўмак тизимини кучайтириш масалалари ҳам стратегияда ўз аксини топган. Хусусан, руҳий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини 40 фоизга камайтириш, туну кун ишлайдиган психологик алоқа марказини ташкил этиш, спорт билан шуғулланувчи ёшлар улушини 25 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.

Ёшлар сиёсатида очиқ мулоқот ва объектив таҳлил тизимини кучайтириш мақсадида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан ёшларнинг эҳтиёжлари ва кутилмалари юзасидан ижтимоий сўровлар ўтказилиб, Миллий ёшлар индекси тузилади. Йигит-қизларнинг мурожаатлари билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Ҳар пайшанба ёшлар билан мулоқотлар ўтказиб борилади.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Шу мақсадда халқаро форумлар, глобал ташаббуслар, авлодлар мулоқоти, Халқаро ёшлар конгресси каби форматлар йўлга қўйилиши, 12 август – Халқаро ёшлар куни доирасида йирик тадбирлар ўтказилиши, 100 минг нафар ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро дастурларда иштирокини таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, БМТ, Жаҳон банки, ЕТТБ каби тузилмалар билан “Junior Professional Officer” дастури доирасида халқаро ташкилотларда амалиётни ташкил этиш кўзда тутилган.

Стратегияни 2026-2027 йилларда амалга ошириш доирасида 7 та йўналиш бўйича 56 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, “Янги авлод тадбиркорлари” дастурида Гарвард, Стэнфорд, MIT, Лондон бизнес мактаби каби нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорликда 20 минг ёшни ўқитиш, 1 мингта бизнес лойиҳасини саралаб олиш ва уларга 3 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача ссуда бериш режалаштирилган. Ёш тадбиркорларга муҳандислик тармоқларига уланиш харажатларини қисман қоплаш тартиби ҳам жорий этилади.

Республика бўйича “Ўзбекистон ёшларни севади!” лойиҳаси, “Ҳаёт фест” ёшлар фестивали, “Talaba Fest” ва “Talaba Expo 2026” каби тадбирлар ўтказилади, Робототехника ассоциациясининг фаолияти қўллаб-қувватланади.

Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласига доир барча ташаббус ва чоралар, энг аввало, ёш авлоднинг билимли, соғлом, ташаббускор ва ватанпарвар бўлиб камол топишига, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади. Стратегияни самарали амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Киритилди: Бугун 16:25. Ўқилди: 266 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!