Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!
Муҳтарам Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек ғоят шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаган, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини кўз қорачиғидек асраб келаётган она юрт посбонларига яна бир бор юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз.
Айни вақтда Ватан олдидаги йигитлик бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамон ўғлонларимизнинг хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтирамиз.
Бугунги кунда халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритмоқда. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришларда шавкатли Қуролли Кучларимизнинг, сизларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Биз сизларни буюк аждодларимиз анъаналарининг шонли давомчилари деб биламиз ва сизлардек Ватанга фидойи, душманга шафқатсиз, жанговар сафларда доимо ҳушёр ва курашга шай бўлган азму шижоат соҳиблари билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, эл-юртимизга шундай довюрак, ботир ва баҳодир фарзандларни тарбиялаб берган ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида барча қувонч ва ташвишларни улар билан баҳам кўриб келаётган оила аъзоларига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Кейинги йилларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ортга қайтмас ислоҳотларимизнинг мустаҳкам кафолатларидан бирига айланиб бораётган Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий қудратини ошириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширяпмиз. Жумладан, бошқарув ва таъминот тизими такомиллаштирилиб, замонавий ахборот технологиялари асосида модернизация қилинмоқда, қўшинларимизнинг жанговар сафлари янгича таълим ва тарбия олган малакали офицер ва сержантлар билан тўлдирилмоқда.
Шахсий таркибнинг тайёргарлик даражаси, ҳарбий хизматчиларнинг касбий, интеллектуал ва маънавий салоҳияти изчил юксалтириб борилмоқда. Қуролли Кучларимиз замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан босқичма-босқич таъминланмоқда.
Ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ билан армия ўртасидаги мустаҳкам бирлик ва жипсликни янада кучайтиришга қаратилган самарали ишларимиз қатъий давом эттирилмоқда.
Ҳозирги вақтда дунёнинг сиёсий ва ҳарбий харитасида қандай шиддатли ўзгаришлар юз бераётганини барчамиз кўриб, англаб турибмиз.
Турли минтақаларда геосиёсий вазият тобора мураккаблашиб, зиддият ва қонли тўқнашувлар кучаймоқда. Замонавий технологиялар, янги авлод қурол-яроғлари пайдо бўлмоқда, жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг стратегия ва тактикаси янада такомиллашмоқда.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз келгусида жанг ва бошқарув усулларини замон талаблари асосида янгилаймиз, юқори малакали ҳарбий кадрларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки ҳар қандай курашнинг тақдирини шахсий таркибнинг билим ва малакаси, ирода ва қатъияти, ўзига бўлган ишончи, мардона фазилатлари ҳал қилади.
Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, жумладан, сунъий интеллект асосида роботлаштирилган мажмуалар билан таъминлаш, қўшинларни бошқариш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларига илғор ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир ишларнинг самарасини ошириб, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни кучайтирамиз. Бу борада давлат ва фуқаролик институтлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этишига алоҳида аҳамият қаратамиз.
Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия – бир тану бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак.
Ғайрат-шижоатда тенгсиз бўлган ҳарбийларимиз ёвлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган қўрқмас ва ўтюрак аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиб, улардан ибрат ва сабоқ олиб, Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этадилар, деб ишонаман.
Азиз Ватан ҳимоячилари!
Мана шу ҳаяжонли дамларда ҳар бирингизни бугунги байрам билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, сизларга ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафар сизларга доимо ёр бўлсин!
Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони