АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлигига (CENTCOM) кўра, ҳодиса Эронга қарши “Эпик ғазаб” номли амалиёт доирасида “дўст мамлакат ҳаво кенглиги”да рўй берган.
"Ҳодисада икки самолёт иштирок этган. Улардан бири Ироқ ғарбида ҳалокатга учраган, иккинчиси қўнишга муваффақ бўлган. Бу душман зарбаси ёки дўстона зарба билан боғлиқ эмас", дейилади CENTCOM баёнотида.
Қулаган самолёт бортида экипажнинг қанча аъзоси бўлгани ва уларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида хабар берилмаган. Айни вақтда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
“Ироқдаги ислом қаршилиги” номли эронпараст гуруҳ Қўшма Штатларнинг KC-135 русумли ёнилғи қуювчи самолётини уриб туширгани ҳақида эълон қилган. Гуруҳ баёнотида самолёт “мамлакат суверенитети ва ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида” уриб туширилгани айтилган.
Reuters маълумотига кўра, ҳодисада иштирок этган иккинчи самолёт ҳам KC-135 русумида бўлган. Агентликнинг хабар қилишича, қулаган самолёт бортида олти нафаргача ҳарбий хизматчи бўлган.
KC-135 – АҚШнинг Эронга қарши янги уруши давомида йўқотган тўртинчи самолёти бўлди. Эронга қарши ҳарбий амалиётнинг дастлабки кунларида Кувайт осмонида Қўшма Штатларнинг F-15 русумли учта қирувчи самолёти маҳаллий ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган эди.