Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини касб байрами — Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан самимий муборакбод этди.
Давлат раҳбари ўз табригида инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ва масъулиятли вазифани зиммасига олган соҳа вакилларининг фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этиб, уларга юксак ҳурмат ва миннатдорлик билдирди.
Табрикда сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологиялар ва рақамли тизимларни жорий этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасидаги ишлар алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, давлат тиббий суғуртаси, фармацевтика саноати, тиббий таълим ва илм-фанни ривожлантириш, аҳолини сифатли ва малакали тиббий ёрдам билан қамраб олиш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Президент соҳа ходимлари зиммасидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этиб, миллий тиббиётни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Давлат раҳбари барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик ва шарафли фаолиятларида муваффақиятлар тилади.