Бугун 8 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Москвада 200 га яқин одам ушланди, уларга армияга бориш таклиф қилинди

Москвада 200 га яқин одам ушланди, уларга армияга бориш таклиф қилинди

Москва марказида ўтказилган кенг кўламли полиция рейди давомида 200 нафарга яқин одам қўлга олингани хабар қилинди. Ушланганларнинг катта қисмини вояга етмаганлар ташкил этган.

"Осторожно, новости" Telegram-канали маълумотига кўра, 7 ноябрь куни "Китай-город" метро бекати атрофида ушланган фуқаролар полиция бўлимларига олиб кетилган.

Уларнинг айримлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан таҳдид ва жисмоний зўравонликка дуч келганини билдирган.

Шунингдек, 18 ёшдан ошган фуқароларга Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизмат тўғрисида шартнома имзолаш таклиф қилингани айтилмоқда. Айрим ушланганларга ҳарбий комиссариатга чақирув қоғозлари ҳам топширилган.

Baza Telegram-канали хабар беришича, рейд иштирокчиларига нисбатан жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, маст ҳолатда юриш ва полиция талабларига бўйсунмаслик каби ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Москва полицияси эса рейд жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилганини маълум қилди.

7 ноябрь куни кечқурун ушланганларнинг бир қисми қўйиб юборилган. Бироқ барча фуқаролар озод этилгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Киритилди: Бугун 14:39. Ўқилди: 661 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар