Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказмоқда
Сўзининг аввалида давлатимиз раҳбари фидокорона ва машаққатли меҳнати билан ноз-неъмат етиштириб, эл дастурхонига қут-барака олиб кираётган барча деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларга ўзининг чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.
"Сизларнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги беқиёс ишларингиз ҳар қанча таҳсинга сазовор", – деди давлатимиз раҳбари.
Бу йил иқтисодиётнинг барча тармоқларида ютуқларга бой ва баракали йил бўлгани таъкидланди. Айниқса, халқимизнинг 3,5 миллиондан зиёд вакили меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалигида катта марраларга эришилди.