Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг 13 ноябрь куниги 234-сонида чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида таъкидланишича, минтақадаги мамлакатлар узоқ йиллардан кейин биринчи марта биргаликда олдинга юриш, умумий ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган янги босқичга кириб келди.
Давлат раҳбари фикрича, бу жараён “ўз-ўзидан” эмас, балки Марказий Осиё давлатлари етакчилари сиёсий иродаси, аниқ мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари натижасидир. Минтақада ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити мустаҳкамланиб, ҳамкорлик кенг кўламдаги заруратга айланди.
Президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари янги минтақавий ҳамкорлик архитектурасини яратганини, Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммит эса барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишда муҳим босқич бўлишини қайд этади.