Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф бугун, 9 август куни Президент Ориф Алвига Миллий ассамблеяни (парламент қуйи палатаси) тарқатиб юборишни тасдиқлаш учун петиция юборади. Бу ҳақда кеча, 8 август куни кечқурун ҳукумат раҳбари “Dawn News” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Эртага Президентга Миллий ассамблеянинг тарқатилиши ҳақида хабар берилади, шундан сўнг мен мухолифат етакчиси Ража Риаз билан боғланиб, биринчи учрашувни ўтказаман”, деган Шариф.
Унга кўр, парламент қуйи палатасининг муддатидан олдин тарқатилиши натижасида республиканинг амалдаги раҳбарияти истеъфога чиқади. Вазирлар маҳкамаси ўрнида муваққат ҳукумат тузилади. Бироқ муваққат бош вазир номзоди ҳали аниқланмаган. Шарифнинг сўзларига кўра, унинг “Покистон мусулмон лигаси” партияси бу борада ҳукмрон коалициядаги ҳамкорлар билан маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда.