Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, Сеулдаги Россия элчихонаси биносига 15 метрлик баннер осилган бўлиб, унда Россия байроғининг рангларида “Победа будет за нами” (“Ғалаба бизники бўлади”) деган шиор ёзилган.
Вазирлик бу баннер Жанубий Корея фуқаролари ва бошқа давлатлар билан муносабатларда ортиқча таранглик яратиши мумкинлигини, чунки у Россия-Украина урушига ишора қилаётгандек қабул қилинишини билдириб, уни олиб ташлашни талаб қилди.
Россия элчихонаси эса баёнотида баннер феврал ойида нишонланадиган байрамлар – Дипломатик ходимлар куни ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан осилганини маълум қилган.
Элчихона баёнотига кўра, баннердаги ибора барча россияликларга таниш бўлиб, мамлакат тарихига, жумладан, совет халқининг фашистлар Германияси устидан ғалаба қозониш учун сафарбар қилинишига боғлиқ. Хабарда шунингдек, байрамлар тугагач, баннер олиб ташланиши айтилган.