Сеул АҚШ-Япония савдо битимини диққат билан ўрганмоқда.
Бу ҳақда Жанубий Корея саноат, савдо ва энергетика вазири Ким Чен Кван америкалик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказиш учун Вашингтонга учиши олдидан журналистларга маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги.
Жанубий Корея автомобиль ишлаб чиқариш ва пўлат каби муҳим тармоқларда Япония билан рақобатлашади. Шу муносабат билан Вашингтон ва Токио ўртасида тузилган келишув Сеулга босимни кучайтиради – мамлакат 25 фоизлик божлар жорий қилинмаслиги учун 1 августгача АҚШ билан келишувга эришмоқчи.
АҚШга уч кунлик сафари давомида Ким Чен Кван Дональд Трамп маъмуриятининг бир қанча юқори мартабали амалдорлари, жумладан, АҚШ савдо вазири Ховард Латник, энергетика вазири Крис Райт ва ички ишлар вазири Дуглас Бургум билан учрашади.
Жанубий Корея бир неча ой давомида АҚШ билан кенг кўламли савдо масалалари бўйича музокаралар олиб бормоқда. Сеул тарифлар бўйича келишувга эришиш, шунингдек, энергетика, кемасозлик, яримўтказгичлар ва аккумуляторлар каби стратегик соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.