«Хетафе» президенти Анхель Торрес 40 ёшли испаниялик марказий ҳимоячи Серхио Рамос клубнинг эҳтимолий янги футболчилари рўйхатига киритилганини маълум қилди.
«Унинг укаси, шунингдек, агенти мен билан гаплашди. Рамос эҳтимолий янги футболчиларимиз рўйхатида бор. У жамоамизга ўтиши мумкин. Бу трансферни бир муддатдан бери амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз», — деди Торрес Radio Nacional эфирида. Унинг сўзларини AS нашри келтирди.
Клуб раҳбарининг айтишича, бош мураббий Хосе Бордалас ҳужум қанотларини кучайтиришни устувор вазифа деб ҳисобламоқда. Сабаби жамоа таркибида тажрибали марказий ҳимоячиларнинг ўзи олтита.
Аввалроқ «Хетафе» сафини «Реал»нинг яна бир собиқ сардори Даниэль Карвахаль тўлдирган эди. Энди мадридликлар Рамосни ҳам таркибга қўшишни кўзламоқда.
Серхио Рамоснинг сўнгги жамоаси Мексиканинг «Монтеррей» клуби бўлган. У 2026 йил январь ойида ушбу жамоани тарк этган. Фаолияти давомида ҳимоячи «Реал», «Севилья» ва «ПСЖ» клубларида ҳам тўп сурган.
Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг трансфер қиймати 800 минг еврони ташкил этади.