Интернет тармоғида бир гуруҳ эркаклар жанжалининг видоёзуви тарқамоқда.
Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз. 16 июль куни соат 19.09 да 102 рақамига Сергели тумани Янги Чоштепа массиви қурилиш майдончасининг ёпиқ ҳудудида бир нечта эркаклар ўртасида жанжал юзага келгани ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойига мазкур туман ИИО ФМБ ходимлари етиб келишди. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланишича, жанжал 28 ёшли қашқадарёлик Ўлмасбек М. ва андижонлик 30 ёшли Мансурбек К.лар ўртасида, қурилиш асбоблари сабабли юзага келган. Жанжалга бошқа ишчилар ҳам қўшилганлар.
Ҳозирги вақтда уларнинг шахслари аниқланмоқда. Келишмовчилик натижасида ҳеч кимга бадан шикастлари етмаган. Шу билан бирга, ҳодиса тафсилотларини аниқлаш учун Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан терговолди текшируви ўтказилмоқда. Текширув натижасига кўра ҳодисанинг барча иштирокчиларининг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Қурилиш объекти ишчилари билан профилактик суҳбат ўтказилди.