Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, аҳолини арзон ва сифатли гўшт ҳамда сут маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолини банд қилиш доимий эътиборда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонун шу мақсадга хизмат қилади.
– Сир эмаски озиқ-овқат хавфсизлиги глобал даражадаги долзарб масала, – дейди Сенатнинг аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев. – Бу эса жуда кўп омиллар билан боғлиқ. Ана шу омилларнинг бир бўлаги – чорвачилик соҳаси. Кейинги йилларда чорвачилик соҳасининг барча тармоқларини бирдек ривожлантириш бўйича зарур ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор аҳоли, жумладан, деҳқон хўжаликларига қаратилмоқда. Сабаби эса оддий: чорванинг аксарият қисми аҳоли хонадонлари, шу жумладан, деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Бироқ, ушбу йўналишда муаммолар ҳам бор. Бугун чорва билан шуғулланувчиларнинг қайси биридан сўраманг, озуқа базаси, яъни содда қилиб айтганда, ем-хашак тақчиллигидан шикоят қилади. Бозорда гўшт нархининг нисбатан қимматлиги ҳам кўп жиҳатдан шунга боғлиқ. Демак, озуқа базасини кенгайтириш керак. Бунинг учун эса, аввало, ҳуқуқий асос керак.
Таҳлил қилиб кўрилганда, деҳқон хўжаликларига чорва моллари бош сонидан келиб чиққан ҳолда озуқа экинлари етиштириш учун ер майдонларини ажратишда айрим ҳудудларнинг географик жойлашуви, ерларнинг ҳосилдорлиги, тупроқ-иқлим шароити ва бошқа қатор соҳа учун муҳим омиллар қонунчиликда етарлича инобатга олинмагани маълум бўлди.
Ҳудудларнинг табиий имконияти ва шароити бир хил эмас. Водий билан воҳани ёки, дейлик, Андижон билан Қорақалпоғистонни таққослаб бўлмайди.
Демак, соҳага оид ҳуқуқий нормалар ҳам шунга яраша бўлиши ва бунда, биринчи галда табиий шароити оғир бўлган ҳудудларга устуворлик берилиши мақсадга мувофиқ.
Мамлакатимизнинг табиий шароити оғир бўлган ҳудуд эса Қорақалпоғистон ёки умумлаштириб айтилганда Оролбўйидир. Шу маънода янги қонун биринчи навбатда Қорақалпоғистон манфаатларига хизмат қилади. Аниқроқ айтганда, мазкур қонун билан Ер кодекси ҳамда “Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритилди.
Маълумки, шу пайтгача деҳқон хўжаликларини юритиш учун 6 сотихдан 1 гектаргача ер майдони ажратилган. Эндиликда мазкур қоида Қорақалпоғистон Республикаси учун ўзгартирилмоқда. Яъни ушбу ҳудудда деҳқон хўжалигини юритиш учун чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида 6 сотихдан 5 гектаргача (яъни қолган ҳудудларга нисбатан 5 марта кўп) ер участкалари ажратиб берилади.
Ушбу қонун табиий иқлим шароити оғир бўлган Қорақалпоғистон Республикасида деҳқон хўжаликлари ривожига, чорва учун озуқа базаси кенгайишига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга ва мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади. Бундан эса халқимиз манфаатдор бўлиши шубҳасиз.