Хабар берилишича, операция Эрон режими ихтиёрида бўлган баллистик ракета тизимларига қарши йўналтирилган.
Исроил томони берган маълумотларга кўра, жанговар авиация ва ЦАХАЛ разведка бошқармаси ҳамкорлигида уюштирилган ҳужумлар натижасида ўнлаб ракета учириш қурилмалари, “ер-ер” таснифидаги ракеталар омборлари ва бошқа ҳарбий объектлар йўқ қилинган. Ҳужум қилинган объектлардан бирида контейнер кўринишида ниқобланган ўзига хос учириш механизми жойлаштирилгани аниқланган.
Эрон эса расмий равишда Исроил ҳужумлари натижасида ракета учириш қурилмалари ёки ракета омборлари йўқ қилинганини тасдиқламаган. Расмийлар фақат “ҳарбий” ва “стратегик” объектларга ҳужум қилинганини билдирган, бироқ тафсилотларни келтирмаган.