Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ёпилганидан 7 йил ўтиб, яна ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда IRNA агентлиги ўз манбасига таяниб хабар берди.
“ТИВ вакили чоршанба куни Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси 6 август, якшанба куни расман очилганини айтди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, июнь ойида Эроннинг Ар-Риёздаги элчихонаси очилган эди.
Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар 2016 йилда шиа диншуноси Нимр ан-Нимр Ар-Риёзда қатл этилганидан сўнг ёмонлашган. Бунинг ортидан намойишчилар Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига бостириб киришди. Бунга жавобан Ар-Риёз Эрон билан дипломатик алоқаларни узган эди.
Шу йилнинг март ойида Хитой воситачилигида Эрон ва Саудия Арабистони дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди.