Саудия Арабистони Суриянинг Жаҳон банкига бўлган қарзларини тўлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги масаладан хабардор учта манбага асосланиб хабар бермоқда.
Сурия ташкилотга тахминан 15 миллион доллар қарздор бўлиб, банк узоқ давом этган фуқаролар урушидан зарар кўрган мамлакатни қайта тиклаш учун грантларни тасдиқлаши ва бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатиши учун бу қарзни қайтариш зарур.
Суриянинг янги ҳукумати чет эл валютаси танқислигини бошдан кечирмоқда. Чет элда музлатилган активлар ҳисобидан қарзларни тўлаш бўйича илгари ишлаб чиқилган режа амалга ошмаган, деб хабар қилмоқда икки манба. Шунингдек, Reuters суҳбатдошлари таъкидлашича, Жаҳон банки вакиллари аллақачон мамлакат энергетика тизимини тиклаш ва давлат сектори ходимларига иш ҳақи тўлашни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш масаласини муҳокама қилган.
Апрель ойининг охирида Сурия делегацияси Жаҳон банки ва Халқаро валюта фондининг йиллик мажлисларида қатнашиш учун Вашингтонга йўл олади. Бу ўтган йил декабрида Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг Сурия амалдорларининг АҚШга илк расмий ташрифи бўлади. Аввалги ҳокимият даврида Сурияга нисбатан жорий этилган Америка санкцияларининг деярли барчаси ҳамон ўз кучини сақлаб қолмоқда.
Reuters ахборот агентлиги хабар беришича, Саудия Арабистони илк бор Суриянинг янги ҳукуматига молиявий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Саудия Арабистони Молия вазирлиги вакили Ар-Риёднинг Сурия қарзларини тўлаш режалари ҳақидаги маълумотни тасдиқламади, бироқ инкор ҳам этмади.