Бразилиянинг «Сантос» клуби ўзининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида 33 ёшли ҳужумчи Неймар билан шартнома 2025 йилнинг охиригача узайтирилганини маълум қилди. Шунингдек, келишувни яна узайтириш имконияти ҳам кўзда тутилган.
«Ҳаммаси бошланган жой. Бу ерда ҳеч қачон тугамайди!» — дейилади клубнинг расмий хабарномасида.
Неймар «Сантос» тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2008 йилда клуб билан биринчи профессионал шартномасини имзолаган. 2013 йилда эса «Барселона» жамоасига ўтган эди. 2025 йилнинг январь ойида Неймар эркин агент сифатида яна «Сантос»га қайтди.
Умуман олганда, Неймар «Сантос» сафида барча мусобақаларда 237 та ўйинда майдонга тушиб, 139 та гол урган ва 69 марта ассистентлик қилган.