Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ижтимоий тармоқларда Санкт-Петербург шаҳрида қийинчиликларга дуч келаётган фуқаролар тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси масъул ходимлари миграция марказида юзага келган вазиятни ўрганган.
Мазкур марказда «Россия Федерациясида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар айрим тоифаларининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида«ги президент фармони доирасида ишлаш рухсатномасини (патент) расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, марказ ходимлари тўлиқ иш режимида фаолият олиб бормоқда ҳамда ҳужжатлар расмийлаштириш белгиланган тартиб ва талаблар асосида ташкил этилган. Шу билан бирга чет эл фуқаролари учун миграция марказининг иш вақти ҳақида маълумот тақдим этилган.
«Видеопостдаги ҳолатнинг келиб чиқиши фуқароларнинг навбатда туришга риоя қилмаслиги сабабли содир бўлган. Шу боис хавфсизликни таъминлаш мақсадида темир панжаралар ўрнатилган. Бундан ташқари фуқаролар томонидан патент олиш бўйича белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган.
Шунингдек, видеомурожаатда иштирок этган фуқаролар билан бевосита суҳбат ўтказилиб, уларга ҳужжатларни қонуний расмийлаштириш тартиб-таомиллари ва миграция марказининг ишлаш механизми ҳақида батафсил тушунтириш берилди», - дейилади муносабатда.