Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бешинчи сессиясида вилоятнинг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов маълумот берди.
Қайд этилишича, яқинда қабул қилинган “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2025-йилги даромадлари 5 триллион 915,3 миллиард сўм ва харажатлари 8 триллион 8,6 миллиард сўм ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 триллион 93,3 миллиард сўм этиб белгиланган.
– “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосан бизнес учун солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлаш, солиқ юки кескин ошишининг олдини олиш, тадбиркорлик муҳити барқарорлигини таъминлаш мақсадида асосий солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари ўзгаришсиз сақлаб қолинмоқда – деди Ф.Абилов. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун 25 фоиз), юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз, жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ставкаси 12 фоиз миқдорида ўзгаришсиз сақлаб қолинади.
Вилоятнинг 2025 йил учун бюджет харажатларида иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар учун 2 триллион 31,6 миллиард сўм маблағ режалаштирилмоқда. Бюджет харажатларининг 61 фоизи ёки 4 триллион 900,7 миллиард сўми (2014 йилга нисбатан 629,3 миллиард сўмга кўп) ижтимоий соҳа харажатлари учун йўналтирилади. Хусусан, таълим соҳасига 1 триллион 370,6 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 3триллион 238,4 миллиард сўм (2024 йилга нисбатан 18,3 фоиз кўп) маблағ ажратилиши белгиланмоқда.
Ташаббусли бюджетни молиялаштириш учун жами 639,7 миллиард сўм (2024 йилга нисбатан 181,4 миллиард сўм ёки 40 фоиз кўп) маблағ, шу жумладан, янги йўналиш “Менинг мактабим” лойиҳасини амалга ошириш учун маҳаллий бюджетларда 76,1 миллиард сўм (ҳар бир мактаб учун 60,2 миллион сўмдан) маблағ кўзда тутилган.
Иқтисодиётга йўналтирилиши режалаштирилаётган харажатлар қарийб 635,8 миллиард сўмни ташкил этиб, жами харажатларнинг 8 фоизини ташкил этади.
Мазкур масала юзасидан Республика Ҳисоб палатаси шуъба бошлиғи З.Иботов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Толлиев, бюджет ташкилотлари раҳбарлари, депутатлар ўз фикрларини билдирди ва вилоятнинг 2025 йилги маҳаллий бюджети тасдиқланди.