Самарқанд шаҳрида ерусти метроси қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасида қабул қилинган Самарқанд шаҳри чегарасини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳасида қайд этилган.
Қарор лойиҳасида Самарқанд шаҳридан ўтган Зарафшон дарёси қирғоғи бўйлаб 15 км узунликдаги масофада «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш мақсад қилинган.
Лойиҳада Самарқанд туманидан 170 гектар ва Оқдарё туманидан 243 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу қарор қабул қилиниши натижасида амалдаги 252 гектардан иборат «Ширин» массив ҳудуди кенгайтирилиб жами 665 гектарни ташкил этади. Бунда тасдиқланган режа бўйича ҳудудда 254 та кўп қаватли уй-жойлар, 19 та ишбилармонлик ва бизнес марказлари, 50 та ижтимоий соҳа объектлари, 89 та кўнгилочар ва савдо комплекслари ҳамда тарихий шаҳарча барпо этилади.
Бундан ташқари, ҳудудда 6 км ерусти метро йўли қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 112 км ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, 2 та катта кўприк ҳамда 7,2 км ички коммуникация учун тоннель, 180 км ирригация қувури ҳамда 14 км канал ва кўплаб суғориш иншоотлари қурилади.
Мазкур ишлар ҳудудда 3 та босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 2026 йилгача, иккинчи босқич 2026−2028 йилларда, 2029−2030 йилларда амалга оширилиши белгиланган.