Самарқандда аёл ўз васийлигидаги 7 нафар неварасига жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб келгани аниқланди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда 7 нафар боланинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида видеохабар тарқалганди. Вазиятни болалар омбудсманининг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили жойига чиққан ҳолда ўрганди. Аниқланишича, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 61 ёшли аёл Б.М ўз васийлигида бўлган 7 нафар вояга етмаган болага жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб келган.
Болалар омбудманининг ИИВ га сўрови асосида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларга ҳимоя ордери тақдим этилди. Минтақавий вакил сайи-ҳаракатлари билан фуқаро Б.М.нинг болаларга васийлиги бекор қилиниб, улар оилавий болалар уйига жойлаштирилди.
Ҳозирда болаларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.