Путин урушни тўхтатишга тайёрмас, у 500 минг кишини сафарбар этишга тайёрланмоқда — Зеленский.
Россия 21 сентябрдаги Давлат Думасига сайловлардан сўнг янги ҳарбий сафарбарликка тайёрланмоқда. Октябр ойи бошида Украинага қарши урушга яна 300-500 минг киши жалб этилиши мумкин. Бу ҳақда Украина разведкаси маълумотларига таяниб, президент Зеленский маълум қилди.
"Путин урушни тўхтатишга тайёр эмас. У сафарбарликни кучайтирмоқчи. Очиқчасига эмас, чунки у ўз жамиятидан қўрқади. Аммо биз унга логистика, қурол-яроғ, бензин, дизел ёнилғиси билан боғлиқ муаммолар туғдирмасак ва ҳамкорларимиз санкцияларни кучайтирмаса, у буни октябр ойининг бошида амалга оширади", — деди Украина етакчиси.
Зеленский ички норозиликларга қарамай Россия ҳукумати учун 500 минггача одамни сафарбар этиш қийин бўлмаслигини айтди. Чунки ижтимоий сўровномалар натижаларига кўра, россияликларнинг катта қисми сафарбарлик ва урушга қарши бўлса-да, Путинни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидламоқда.
"Бироқ Россия сафарбар этилганларни тезликда тайёргарликдан ўтказа олмайди. Бу эса жанг майдонига яна яхши тайёргарлик кўрмаган одамлар юборилишини ва катта йўқотишлар кузатилишини англатади", — деди Украина президенти.